Уйланиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:
«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зот-нинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.
Улардан бири: «Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: «Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири: «Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.
✔️Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:
«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар»
(Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар).
Бу ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш «ибодат», «тақводорлик» ва «Аллоҳдан қўрқиш» маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда.
Уйланиш Аллоҳ таолодан энг қўрқувчи банда бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «
Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас» деганлари имкони бўла туриб никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мўмин‑мусулмон учун мутлақо тўғри келмаслигини аён этади.
✔️Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас. Чунки Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида эркакни ҳам, аёлни ҳам жинсий рағбат билан яратган. Бу рағбат инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният келажаги учун керакли нарсадир. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундай қилиб яратмас эди. Ана шу жинсий майлни пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса, шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Аксинча бўлса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.
✔️Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғлиқларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.
✔️Шунингдек, жинсий майлини пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари ва ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатлар келишига сабаб бўладилар.
📚
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ. "Бахтиёр оила" асаридан
Profilga Rasmlar❤️